(82) Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади. (Инсофни кўринг. Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан ихрож қилинар эканлар. Уларнинг «айблари» битта–жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.)
(83) Бас, унга ва аҳлига нажот бердик. Магар хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлди. (Пайғамбарга фақат унинг оила аъзоларигина иймон келтирдилар. Аммо уларнинг орасидан ҳам энг яқин кишиси–хотини иймон келтирмади. Оқибатда у жинояткор қавмга қўшилиб ҳалок бўлди.)
(84) Ва Биз уларнинг устидан «ёмғир» ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол! (Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдирди ва барчалари ҳалок бўлдилар. )
(85) Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир.
(86) Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг. Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.
(87) Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар. У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир», деди. (Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда аввало Шуайбни (а. с.) Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини, кейин эса, у кишининг ўз қавмларига қилган пандларини келтирмоқда. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган. Шуайбнинг (а. с.) қавми кўпроқ амалий ширкка мубтало бўлганга ўхшайди. Чунки муомала ишларида Аллоҳнинг буйруғини адо этмай, бошқанинг амрини бажаришдан, ўлчов ва тарозудан уриб қолиб, бировларнинг ҳаққини ейишдан қайтаришлари шунга далолат қилмоқда. Бу ва бу каби, Аллоҳ йўриқларини четлаб, бошқа йўлга юриш Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилиб қўйганидан кейин уни бузишдан иборат эканига ишора этиб: «ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», демоқдалар.)