(26) Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки шукр қилсангиз. (Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда қийин пайтларида ҳам Ўзи ёрдам берганини эслатмоқда. Исломий даъватнинг бошланишида мусулмонлар оз сонли, заифҳол эдилар. Маккада қўрқиб бекиниб юрардилар.)
(27) Эй иймон келтирганлар, билиб туриб, Аллоҳга, Пайғамбарга ва омонатларингизга хиёнат қилманг. (Аллоҳга хиёнат–«Ла илаҳа илаллоҳ», деб иймонга келган шахснинг ана ўша «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ» шиорига хилоф қилишидир. Аллоҳдан ўзганинг йўлига юриш, Аллоҳ фарз қилган амалларни тарк этиш, қайтарганларидан қайтмаслик ва бошқа гуноҳлар Аллоҳга хийнат қилиш бўлади. Пайғамбарга хиёнат қилиш эса, «Муҳаммадун Расулуллоҳ»-га хилоф қилишдир. Пайғамбаримизни (с. а. в.) шариатларига юрмаслик, суннатларига амал қилмасликдир. Кишилар орасида бўладиган муомалаларда омонатлар бор. Муомалалар шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқача бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммасида ҳам бировга бир нима ишониб топширилса, омонат бўлади. Уни ўз ўрнига қўя олмаслик хиёнат ҳисобланади.)
(28) Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир. (Молу дунё ва фарзандлар омонатга хиёнат қилишга сабаб бўлиши учун эмас, синов учун берилади. Ҳар бир инсонда молу дунёга, фарзандга муҳаббат бор. Булар ҳам Аллоҳнинг неъматлари.)
(29) Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
(30) Куфр келтирганларнинг сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир. (Уламоларимиз Аллоҳга «маккор» сифатини беришдан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланилгани каби тушунмаслик керак.)
(31) Уларга оятларимиз тиловат қилинса: «Батаҳқиқ, эшитдик, агар ҳоҳласак, бунга ўхшашни ўзимиз ҳам айтамиз. Бу аввалгиларнинг афсонасидан ўзга нарса эмас», дерлар.
(32) «Эй бор Худоё, агар мана шу Сенинг ҳузурингдан келган ҳақ бўлса, устимизга осмондан тош ёғдиргин ёки бизга аламли азоб юборгин», деганларини эсла.
(33) Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас.