(8) Шояд Роббингиз сизга раҳм қилса. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Ва жаҳаннамни кофирларга зиндон қилганмиз.
(9) Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.
(10) Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга, ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик.
(11) Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир. (Яъни, иймонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхши ва нима ёмон — ажрата олмайди. Шунингдек, яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилаверади. У аввал ёмонликни англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини тўхтата олмайди.)
(12) Кеча ва кундузни икки оят-аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Кундуз аломатини кўрсатувчи қилдикки, токи Роббингиздан фазл талаб қилсангиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билсангиз. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.
(13) Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур.
(14) Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур). (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.)
(15) Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас. Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз.
(16) Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз. (Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса, доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.)
(17) Нуҳдан сўнг қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришда Роббинг Ўзи кифоя қилур.