(118) Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир. (Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Мазкур уч киши Каъб ибн Молик, Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифийлар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар.)
(119) Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар.
(120) Мадина аҳлига ва уларнинг атрофидаги аъробийларга Расулуллоҳдан четда қолишлари ва ўз жонларини кўзлаб унинг жонига эътибор қилмасликлари дуруст эмас. Зеро, уларга Аллоҳнинг йўлида ташналик, чарчоқ, очлик етса, кофирларнинг ғазабини чиқарадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта, уларга солиҳ амал ёзиладир. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.
(121) Кичик ёки катта нафақа қилсалар ҳам, бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам, албатта, уларга (солиҳ амал) ёзиладир. Аллоҳ уларга қилган энг гўзал амалларининг мукофотини берадир. (Яна ҳаммаёқ тўла ажр-савоб. Катта-кичик бўлсин, нафақа қилсалар бас. Унга ҳам ажр-савоб берилади. Душман томон бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам ажр-савоб ёзилади. Ёзилганда ҳам мужоҳиднинг умрида қилган энг яхши амалининг савоби ёзилади. Шундай бўлиб тургандан кейин нима учун энди сафарбарликдан қочиб, жиҳоддан ортда қолиш керак экан?)
(122) Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғолишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар. (Ушбу ояти каримадаги мўминларнинг ҳаммалари бирдан жиҳодга чиқишлари лозим эмаслиги ҳақидаги маъно, бошқа оятлардаги ҳамма чиқиши лозимлиги ҳақидаги маъноларга қарама-қарши келмайди. Ҳар бир оятга мақомга қараб амал қилинади. Баъзи вақтлар бўладики, ҳамма жиҳодга чиқиши тақазо қилинади. Баъзи вақтларда эса, ҳамманинг чиқиши шарт эмас. Керакли даражада чиқса етади. Ҳамма нарса вазиятга қараб, Ислом жамияти раҳбарлари томонидан аниқланади. Биз ўрганаётган бу оятда ҳамма жиҳодга чиқиши лозим бўлмаган ҳолат ҳақида гап кетмоқда.)