(98) У: «Бу Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», деди.
(99) Ўша куни уларни бир-бирлари ила мавж урган ҳолларида тарк этдик ва сур чалинди. Бас, уларнинг ҳаммаларини жамладик.
(100) Ўша куни кофирларга жаҳаннамни кўндаланг қилиб кўрсатдик.
(101) Улар кўзлари Менинг зикримдан пардада бўлган ва эшитишга қодир бўла олмайдиганлар эдилар.
(102) Ёки куфр келтирганлар Мени қўйиб бандаларимни валий-илоҳ қилиб олишни гумон қилдиларми?! Албатта, Биз жаҳаннамни кофирларга манзил этиб тайёрлаганмиз.
(103) Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми?
(104) Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин.
(105) Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Бас, уларнинг амаллари ҳабата бўлди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз. (Яъни, қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.)
(106) Шунингдек, куфр келтирганлари ва Менинг оятларим ва Пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли уларнинг жазоси жаҳаннамдир.
(107) Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир.
(108) Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар.
(109) Сен: «Агар денгиз Роббим калималарига сиёҳ бўлсаю унга ўз мислича мадад келтирсак ҳам, Роббим калималари тугашидан олдин денгиз тугаб қолур», дегин. (Оятдаги «денгиз» лафзи барча денгиз жинсини ўз ичига олади. Демак, дунёдаги барча денгизлар сиёҳ қилиб олиниб, уларга яна шунча денгиз сиёҳи қўшилса-да, Аллоҳ таолонинг калималари ёзилса, ўшанча денгиз сиёҳ тугаб қолади, аммо Аллоҳнинг калималари тугамайди. Демак, Аллоҳ таолонинг илми шунчалик кўп. Буни қиёсдан тушуниб олса бўлаверади.)
(110) Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин.