(38) Улар молларини кишилар кўриши учун сарфлайдилар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмайдилар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!
(39) Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирсалар, Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсадан нафақа қилсалар, уларга нима зарар бўлади? Аллоҳ уларни яхши билувчи зотдир!
(40) Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур.
(41) Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?! (Бу оятда қиёмат кунининг васфи келмоқда. Қиёмат қўпганида, ҳар бир умматга ўз Пайғамбари гувоҳ этиб олиб келинади. Анбиёлар эса, умматлари Аллоҳнинг амрига юрганлари ва юрмаганлари ҳақида адолатли гувоҳлик берадилар. Муҳаммад алайҳиссалом аввалдан охиргача ҳамма умматларга гувоҳлик берадилар. Ана ўшанда у кишига иймон келтирмаганлар, мутакаббир, фахрланувчи ва бахилларнинг, одамларни ҳам бахилликка буюрган ва Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматларни беркитганларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ўзлари инкор этган Холиқнинг ҳузурида турибдилар, ўзлари рад қилган Пайғамбар энди уларга гувоҳлик бериши, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни Олий Қози ҳузурида айтиши керак. Энди бу кофирлар, мунофиқларнинг ҳоли не кечади? Қиёмат қоим бўлди. Xақиқат юзага чиқди.)
(42) Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар.
(43) Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг ва жунуб ҳолингизда ҳам то ғусл қилмагунингизча. Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв ва мағфират қилувчи зотдир. (Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар мужассам топгандир. Шу билан бирга, ароқни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳамдир. Таҳорат ва ғуслга сув топилмаса, тоза тупроқ-ла таяммум қилинади. Шунингдек, сув тегиши билан касаллиги кучайиб кетадиган беморларга ҳам таяммумга рухсат. Яъни, таҳорати йўқ одам таҳоратни ният қилиб таяммум қилса, таҳорат ўрнига ўтади. Жунуб одам ғуслни ният қилиб таяммум қилса, ғусл ўрнига ўтади.)
(44) Китобдан насиба берилганларнинг залолатни сотиб олишларини ва сиз йўлдан адашишингизни исташларини кўрмайсизми?