(100) Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.
(101) Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам. Улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз биурамиз. Албатта, уларни икки марта азоблаймиз. Сўнгра улкан азобга қайтарилурлар. (Ушбу ояти каримада аъробийларнинг ва аҳли Мадинанинг алоҳида мунофиқлари, сийқаси чиққан мунофиқлари ҳақида сўз кетмоқда. Шу даражада сийқаси чиққанки, усталигидан, ҳатто Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳам уларнинг мунофиқ эканликларини билмайдилар. Мунофиқлигини фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади.)
(102) Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу оят тушишига сабаб бўлганлар Табук урушига бормай қолиб, сўнгра ўз ишларидан афсус-надомат қилиб тавба этган кишилардир. Улар ғазотдан қолиб жуда ёмон иш қилган, аммо чин кўнгилдан афсусланишлари яхши ишдир. Энди бундай кишиларнинг ишлари Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинади.)
(103) Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир.
(104) Улар, албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмли зот эканини билмайдиларми?
(105) Сен: «Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар. Ва, албатта, ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтариласизлар. Бас, У сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир»– деб айт.
(106) Ва Аллоҳнинг амрига ҳавола қилинган бошқалар бор. Уларни ёки азоблайдир ёки тавбаларини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Уламоларимиз бу тоифадаги одамлар мазкур оят нозил бўлган пайтда уч киши, яъни, Ҳилол ибн Умаййа, Каъб ибн Молик ва Мирор ибн ар-Робийълар эди, дейдилар. Улар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар. Сўнгра афсус-надомат қилганлар-у, аммо Абу Лубоба ва унинг шерикларига қўшилиб, ўзларини масжид устунига боғламаганлар. Абу Лубоба ва унинг шерикларининг тавбалари қабул қилинди, гуноҳлари кечирилди. Аммо бу уч кишининг амри Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинди. Хоҳласа, уларни азоблайди, хоҳласа, тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради.)