(31) Аллоҳга бўлган иймондан оғманг, Унга ширк келтиргувчи бўлманг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўёки осмондан қулаб тушгану уни йиртқич қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқ ерга учириб кетган кабидир. (Инсон иймонга эришганда, юқори мартабаларга эришган бўлади, кимки ўша юксак мартабани хоҳламай, Аллоҳга ширк келтирса, худди осмондан қулаб тушган каби бўлади.)
(32) Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир. (Ушбу оят маъносида «нишонлар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами–кўплиги, нишон, белги, аломат маъноларини билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ–Аллоҳнинг нишонлари», дейилганда эса, Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади. Ушбу ояти каримада эса, қурбонликка сўйиладиган катта ҳайвонлар кўзда тутилмоқда.)
(33) Сизга у(нишон)ларда маълум вақтгача манфаатлар бордир. Сўнгра уларни (сўйиш) ҳалол макони «қадимги уй» (атрофи)дадир.
(34) Ҳар бир умматга уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берганига Аллоҳнинг исмини эслашлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳларингиз бир илоҳдир. Бас, Унгагина мусулмон бўлинг. Итоатли, мутавозеъларга башорат бер.
(35) Улар Аллоҳ зикр қилинган вақтда қалблари титрайдиган ва ўзларига етган мусибатга сабр қилгувчилар ҳамда намозни тўкис адо этгувчилардир, уларга ризқ қилиб берган нарсамиздан инфоқ қиларлар.
(36) Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз.
(37) Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер. (Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.)
(38) Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни мудофаа қиладир. Албатта, Аллоҳ барча хоин ва кофирларни хуш кўрмас.