(17) Бугунги кунда ҳар бир жон ўзи қилган касбга яраша жазо олур. Бугунги кунда зулм йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳисобни тез қилгувчи зотдир.
(18) Сен уларни яқинлашгувчи кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ. (Яқинлашгувчи кун қиёмат кунидир. У ҳадемай келиб қолади. Кўзни очиб юмгунча рўй беради. Одамлар ўша кундан огоҳ бўлсинлар. У кун оғир кун бўлади. Ҳаёти дунёда куфр ва ширк ила зулмга юрган кишилар учун ёнини оладиган дўст ҳам, гапига қулоқ соладиган шафоатчи ҳам бўлмайди.)
(19) У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур. (Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар ундан огоҳ бўлсинлар.)
(20) Аллоҳ ҳақ ила ҳукм қилур. Ундан ўзга илтижо қилаётганлари эса, ҳеч нарса билан ҳукм қилмаслар. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир.
(21) Ахир улар ер юзида юриб, ўзларидан олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмайдиларми?! Ўшалар улардан кўра қувватлироқ ва ер юзида асарлари кўпроқ бўлган эдилар. Бас, Аллоҳ ўшаларни гуноҳлари сабабли тутди. Уларга Аллоҳдан ўзга бир сақловчи бўлмади.
(22) Бундай бўлишининг сабаби шуки, уларга Пайғамбарлари келар эдилар, улар эса, куфр келтирдилар. Бас, Аллоҳ уларни тутди. Албатта, у кучли ва иқоби шиддатли зотдир.
(23) Батаҳқиқ, Биз Мусони Ўз оятларимиз ва очиқ ҳужжат ила юбордик.
(24) Фиръавнга, Ҳомонга ва Қорунга. Бас, улар: «(Бу) сеҳргар ва каззоб», дедилар.
(25) Мусо уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ ила келган чоқда, улар: «У билан бирга иймон келтирганларнинг ўғилларини қатл қилинглар, қизларини тирик қолдиринглар», дедилар. Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдан бошқа нарса эмас. (Бани Исроилни ўзига қул қилиб олган Фиръавн бу халққа турли азоб-уқубатларни ёғдирар, нима қилиб бўлса ҳам, уларни қулликда ушлаб туриб, ўз фойдаси учун ишлатишга уринар эди. Ўзига қарши ёш йигитлар бош кўтариши мумкинлигини яхши билганидан, қолаверса, атрофидаги гумашталаридан, мулкига Бани Исроилдан туғиладиган бола завол бўлишини эшитганидан кейин Бани Исроилда туғиладиган қиз болага тегмасдан, ўғил болаларни ўлдиришга фармон берган эди. Мусо алайҳиссалом келиб, Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар этиб юборилганларини айтганларидан кейин Фиръавннинг хавфи яна ҳам зиёда бўлди ва Бани Исроилнинг, яъни, Мусо алайҳиссаломга қўшилиб, иймон келтирганларнинг ўғил болаларини ўлдириш ҳақидаги фармонини янгилади.)