(246) Мусодан кейинги Бани Исроилдан бўлган аъёнларни билмадингми?! Вақтики ўз Набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, урушмасаларингиз-чи?!» деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчидир. (Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бани Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи ўз набийлари олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ–бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», дейишди. Улар «Аллоҳнинг йўлида уруш»қилмоқчилар. Лекин қуруқ хавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, бизга подшҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик, демоқдалар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.)
(247) Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади», деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган» дедилар. У: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди. (Бани Исроилнинг талабига биноан, Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато деб эълон қилишди.)
(248) Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди. (Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини Бани Исроилга исбот этиш учун уларга қоил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти. Маълумки, Уламоларимиз ушбу ҳодисани Пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир, деганлар. Пайғамбарлари, тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, деди.)