(197) Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари! (Ўзига ҳажни фарз қилиш–ҳажни ният қилиб, иҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни, жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди. Фисқ–катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш. Жанжал–одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, аччиқ чиқариш. Бу ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул Оламийннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим.)
(198) Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг. (Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта» дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.)
(199) Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, раҳмли зотдир.
(200) Ибодатларингизни тугатганигизда, Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ эсланг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз бизга бу дунёда бергин», дейди ва унга охиратда насиба йўқдир.
(201) Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дейди."
(202) Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир.