(44) Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта, бунда кўзи борлар учун ибрат бордир.
(45) Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
(46) Батаҳқиқ, Биз очиқ-ойдин баён қилгувчи оятларни туширдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қиладир.
(47) Улар: «Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик», дерлар. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар. Ана ўшалар мўмин эмаслар. (У гуруҳ–мунофиқлардир. Улар тиллари билан: «Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик», дейдилар. Лекин иймонга амални қўшмайдилар. Оғизлари билан иймонли эканлари ҳақида сафсата сотсалар ҳам, ҳаётда иймон тақозоси ила амал қилмай, Ислом шариатига юришни истамай, бошқа қонун-қоидалар асосида яшашга уринадилар. Аллоҳга ва Пайғамбарга (с. а. в.) иймонлари борлигини айтсалар ҳам, уларга итоат этишлари ҳақида оғиз кўпиртириб сўзласалар ҳам, амал қилмайдилар. Уларга, айниқса, Нур сураси ўқилганда юраклари сиқилиб кетади. Чунки бу сура уларга зинони, очиқ-сочиқликни, ахлоқий бузуқлик бўлмиш ҳавойи нафснинг хоҳишларини ман қилиб, одоб-ахлоқ доирасида ҳалол-пок яшашни таклиф этади. «Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар». Тиллари билан айтган гапларига амал қилиш керак бўлганда юз ўгириб, бошқа томонга қараб кетадилар.)
(48) Уларни қачонки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланса, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир.
(49) Агар ҳақ улар(тарафда) бўлса, у (Пайғамбар)га бўйин эгиб келурлар.
(50) Уларнинг қалбларида мараз борми?! Ёки шубҳа қилдиларми?! Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир.
(51) Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: «Эшитдик ва итоат қилдик», демоқларидир. Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир.
(52) Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир.
(53) Улар агар амр қилсанг, албатта, (жиҳодга) чиқишлари ҳақида Аллоҳ номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичадилар. Сен: «Қасам ичманглар! (Бу жиҳод) маълум тоатдир! Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганларингиздан хабардордир», деб айт.