(125) Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?)
(126) Мана шу Роббингнинг тўғри йўлидир. Ибрат олувчи қавм учун оятларни батафсил баён қилдик.
(127) Уларга Роббилари ҳузурида дорус-Салом ( тинчлик уйи ) бордир. У зот қилган ишлари учун уларнинг дўстидир.
(128) Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!» дейди. Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: «Эй Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик», дейдилар. У зот: «Қайтар жойингиз дўзахдир. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз). Албатта, Роббинг ҳикматли ва билимли зотдир. (Демак, жинлар одамларни йўлдан уриб, иғво қилиб, ёмон йўлга юргизиб ҳузур-ҳаловат олган ва роҳатланганлар. Жинлар фитнасига учиб кофир ва гуноҳкор бўлган одамлар эса, уларнинг зийнатлаб кўрсатган, ҳавою нафсни қондирувчи ишларини бажариб ҳузур қилганлар. Булар иродаси заиф, ғофил, ҳавою нафсга берилган, шаҳватпараст одамлар бўлганлар. Шайтон уларнинг ушбу заиф жойларидан тутиб, иғвосига учирган ва ўзига малай қилиб олиб, ҳар кўйга солган, бу дунёда мақсадларига эришиш йўлида улардан фойдаланиб ҳузур қилган.)
(129) Шундай қилиб, қилган касбларига биноан золимларни бир-бирларига дўст қилурмиз.
(130) Эй жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сизга айтиб бермадиларми, сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиз ҳақида огоҳлантирмадиларми?» дер. Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар. Уларни ҳаёти дунё ғурурга кетказди ва ўзларига қарши кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик бердилар.
(131) Бундай қилишнинг боиси, Роббинг ғофил турган шаҳар-қишлоқ аҳолисини ҳалок қилмаслигидандир.