(102) Улар унинг чисирлашини эшитмаслар. Улар ўз нафслари иштаҳа қилган нарсалари ичида абадий қолгувчилардир.
(103) Уларни буюк даҳшат ғами босмас. Уларни фаришталар: «Бу сизларга ваъда қилинган кунингиздир», деб кутиб оларлар.
(104) Ўша кунда осмонни худди мактуб ёзилган дафтарни ёпгандек ёпамиз. Аввал қандай яратган бўлсак, шундай ҳолга қайтарамиз. Бу зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз буни қилгувчимиз. (Худди ҳисоб-китоб ёзиб борувчи шахс ишини тугатиб дафтарини ёпганидек, қиёмат кунида осмон шундай ёпилади. Демак, дунёдаги ишлар ҳаммаси битган, охирига етган бўлади. Энди ишга, амалга, савоб топиш ёки тавба қилишга фурсат қолмайди.)
(105) Батаҳқиқ, Биз зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик. (Тафсирчиларимиз ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан кўзланган мақсад ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, «зикр»дан мурод–Тавротдир, шунга кўра, оятнинг маъноси: «Батаҳқиқ, Биз Тавротдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» бўлади, дейдилар. Бошқалари эса, «зикр»дан мурод–Лавҳул Маҳфуз, бинобарин, аввал ўша маънони Лавҳул Маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик, маъноси чиқади, деганлар. «Ер» ҳақида эса, баъзи уламоларимиз оддий ер кўзда тутилган десалар, бошқалари жаннат ери назарда тутилган, дейдилар. Ушбу икки хил маънони қўшиб, ҳар иккиси кўзда тутилган, деса ҳам бўлади.)
(106) Албатта, бу(Қуръон)да ибодат қилгувчи қавм учун етарли ўгит бордир.
(107) Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик.
(108) Сен: «Менга фақат, албатта, сизнинг илоҳингиз битта илоҳдир, деб ваҳий этилади. Бас, сизлар мусулмон бўласизларми?!» деб айт.
(109) Агар улар юз ўгириб кетсалар: «Мен сизларга баробарлик бўлиши учун эълон қилдим. Сизга ваъда қилинаётган нарса яқинми ёки узоқми билмасман. (Яъни, иймон масаласида ҳамма баробар бўлиши учун, менга тушган ваҳийни эълон қилдим. Кейин бехабар эдик, деган даъво бўлмаслиги учун эшиттирдим.)
(110) Албатта, У сўзнинг ошкорасини биладир ва нимани беркитаётган бўлсангиз ҳам биладир.
(111) Билмайман, эҳтимол, бу сизлар учун синовдир ёки вақтинчалик ҳаловатдир», деб айт. (Азобнинг келмай туриши эҳтимол синовдир, эҳтимол бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатидан фойдаланиб олишингиз учун муҳлатдир.)
(112) У: «Эй Роббим, Ўзинг ҳақ ила ҳукм қил. Роббимиз Роҳмандир ва сизлар қилган васфлардан мадад сўраладиган зотдир», деди. (Яъни, Пайғамбар алайҳиссаломэй Роббим, мен омонатингни адо этдим. Кишиларга таълимотларингни етказдим. Энди ўзинг ҳақ ила ҳукм қилавер, дедилар.)