(42) Улар ёлғонни кўп эшитувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир. Агар сенга келсалар, ораларида ҳукм чиқар ёки улардан юз ўгир. Агар улардан юз ўгирсанг, сенга ҳеч зарар келтира олмаслар. Агар ҳукм қилсанг, ораларида адолат ила ҳукм қил. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади. (Иймон-Ислом бўлмаса, жамиятда ёлғон авж олади. Уларнинг эшитадиган нарсаси ёлғон бўлиб қолади. Ёлғонни кўп эшитади дегани, демак, қарийб ҳамма ёлғон гапиради, деганидир. Атроф ёлғонга тўлиб кетади. Етти ёшдан етмиш ёшгача ёлғончига айланади. Рост ва тўғри сўзга жой қолмайди. Ундай жамиятда рост ва тўғри сўзли одам ақлдан озган ва ғариб саналади. Чунки у яшаб турган жамиятда рост сўзни фақат ёлғон топа олмай қолганларидагина, ноиложликдан гапирадилар. Мазкур кишиларнинг яна бир сифати–«ҳаромни кўп еювчилар»дир. Оғзи билан иймон келтириб, қалби иймон келтирмаганлар жамиятида ва яҳудий бўлганлар жамиятида ҳаром емоқ одат тусига киради. Иймон-Ислом бўлмаган жамиятда ҳаром ейиш авж олади. Аллоҳ ҳаром қилган чўчқа, ўлимтик, қон, ароқ ва бошқаларни ўзлари учун энг тансиқ ва азиз таом ҳисоблайдилар. Бунинг устига, топганлари ҳаммаси ҳаром. Ботил йўл билан, қимор, порахўрлик, рибохўрлик, товламачилик, зўравонлик, ўғрилик, бировнинг ҳақини тортиб олиш каби йўллар билан мол топадилар. Уларнинг жамиятида ҳалол йўл билан ризқ топиш анқонинг уруғига айланади. Ўзлари шундай ҳолда бўла туриб, яна мунофиқлик ила фатво сўраб келишади.)
(43) Ўзларида Таврот бўла туриб, унда Аллоҳнинг ҳукми бўла туриб, қандай қилиб сени ҳакам қиладилару сўнгра яна юз ўгириб кетарлар? Улар мўмин эмаслар.
(44) Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритарлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир.
(45) Биз унда уларга жонга–жон, кўзга–кўз, бурунга–бурун, қулоққа–қулоқ, тишга–тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик. Ким у(қасос)ни кечиб юборса, бу унга каффоротдир. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир. (Яъни, Биз Тавротда яҳудийларга жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёздик. Жонга–жон, яъни, одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга–кўз, яъни, бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзолар, шунингдек, етган жароҳатларга ҳам шунга ўхшатиб қасос олинади. Ушбу ҳукм Ислом шариатида ҳам ўзгартирилмасдан қабул қилинган.)