(85) Сенга Қуръонни фарз қилган зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир. Сен: «Роббим ҳидоят келтирган шахсни ҳам ва очиқ-ойдин гумроҳликдаги шахсни ҳам яхши билгувчидир», деб айт. (Сен она юртингдан ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлаётганингдан ўкинма. Сенга Қуръон тиловати ва унга амал қилишни фарз қилган зот–Аллоҳ, албатта, сени қайтар жойга–Маккага яна қайтаргувчидир.)
(86) Сен ўзингга китоб туширилишидан умидвор ҳам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (тушди). Бас, ҳаргиз кофирларга ёрдамчи бўлма.
(87) Ва сени улар ҳаргиз сенга туширилган Аллоҳнинг оятларидан тўсмасинлар. Роббингга даъват қил. Асло мушриклардан бўлма.
(88) Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз. (Сен уларнинг гап-сўзларига, хоҳиш-истакларига қараб ўтирма. Аллоҳнинг оятларига амал қилишда давом этавер.)
العنكبوت Al-Ankaboot
(1) Алиф. Лом. Мийм.
(2) Одамлар »иймон келтирдик« дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам, иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак.)
(3) Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.
(4) Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!
(5) Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир.
(6) Ким жиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун жиҳод қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.