(73) Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга нисбатан қаттиққўл бўл. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон қайтадиган жой. (Маълумки, Пайғамбаримиз (с. а. в.) аввалда мунофиқларга нисбатан жуда ҳам кечиримли бўлганлар. Уларнинг кўпгина беодоблик ва душманликларини авф қилганлар. Ҳатто баъзи саҳобалар ҳаддан ошиб кетган мунофиқларни ўлдиришга изн сўраганларида ҳам, қўй, одамлар, ўз шерикларини ўлдиряпти, демасин, деганлар. Аммо ушбу ояти карима энди юмшоқ муомалаларнинг вақти ўтганини, энди мунофиқларга ҳам кофирларга қилгандек муомала қилиш вақти келганини билдирмоқда. Уларга қарши жиҳод қилиб, қаттиққўл бўлиш тайинланмоқда. Уламоларимиз Расулуллоҳ (с. а. в.) мунофиқларга қарши уруш қилмаганларини, уларни ўлдирмаганларини алоҳида таъкидлайдилар. Лекин шу оятдан кейин муомала кескин ўзгариб, уларга нисбатан қаттиққўл бўлинган ва кирдикорлари аёвсиз фош этилган.)
(74) Улар гапирмаганлари ҳақида Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Батаҳқиқ, куфр калимасини айтдилар ва Исломларидан кейин куфр келтирдилар ҳамда ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар. Аллоҳ ва Унинг Расули уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўйганларидан бошқа «айб» топа олмадилар. Агар тавба қилсалар, ўзларига яхши бўладир. Гар юз ўгириб кетсалар, Аллоҳ уларни бу дунёю охиратда аламли азоб билан азоблайдир. Ер юзида уларга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ. ( Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, айтганимиз йўқ, деб қасам ичишган. Ояти каримада ўша ҳақиқат таъкидланиб, улар куфр гапни айтганлари ва шу билан мусулмонликдан чиқиб қайта кофир бўлганликлари баён қилинмоқда. Оятдаги «»ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар»дан мурод Расулуллоҳни (с. а. в.) ўлдирмоққа қасд қилганлари ва мақсадларига ета олмаганларидир.)
(75) Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор.
(76) У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар.
(77) Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди.
(78) Улар Аллоҳ уларнинг сирларини ҳам, яширин гапларини ҳам албатта билишини ва Аллоҳ, албатта, ғайбларни билгувчи зот эканини билмасмидилар?
(79) Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир.