(53) Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Агар белгиланган ажал бўлмаганида, уларга, албатта, азоб келган бўлур эди. Албатта, уларга у тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келур.
(54) Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Ҳолбуки, жаҳаннам ҳеч шубҳасиз кофирларни ўраб тургувчидир.
(55) У кунда азоб уларни устларидан ва оёқлари остидан ўраб олур ва У зот: «Қилиб юрган амалларингиз (жазосини) тотинг!» деб айтур.
(56) Эй иймон келтирган бандаларим, албатта, Менинг ерим кенгдир. Бас, Менгагина ибодат қилинглар. (Сиз Менинг бандамсиз, ер Менинг ерим. Кофирлар бирор жойда иймонингиз учун, дину диёнатингиз учун сизга тинчлик бермаётган бўлса, қийноқ-қистовга олаётган бўлса, Менинг ерим кенг, бошқа томонида яшаб, истиқомат қилишингиз мумкин.)
(57) Ҳар бир жон ўлимни топажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз.
(58) Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни жаннатдан остидан анҳорлар оқиб турган олимақом жойларга жойлаштирурмиз. У ерда абадий қолурлар. Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
(59) Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир.
(60) Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризқга муҳтож бўлганида, уни тановвул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановвул қилади, холос. Аммо ризқ топилмасдан, бирортаси очқаб ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар.
(61) Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган ва қуёшнию ойни ўз измига қаратган ким?» деб сўрасанг: «Аллоҳ», дерлар. Бас, унда қаёққа бурилмоқдалар?!
(62) Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ризқини кенг қилиб қўядир ва хоҳлаганиникини тор қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи зотдир.
(63) Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтирган ким?!» деб сўрасанг, албатта, улар: «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб айт. Йўқ! Уларнинг кўплари ақл юритмаслар. (Мушрикларга тиллари билан ўзларига қарши далил айтдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.)