(12) Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Биз, у яқин осмонни чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик. Бу азизу ўта илмли зотнинг ўлчовидир. (Шундай қилиб, осмонлару ер олти кунда барпо қилинди. У кунлар қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Уламоларимиз, агар Аллоҳ таоло хоҳласа, буларни кўз очиб юмгунча яратар эди, лекин бандаларига пухталикни ўргатиш учун шошилгани йўқ, дейдилар. Ахир ҳажмини, ичларидаги нарсаларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада кўп ва катта бўлган етти осмоннинг ҳар бирида Аллоҳнинг ваҳийси асосида иш кўрилса-да инсон Аллоҳга куфр келтириб ўтирса, шу тўғри бўладими?! Аллоҳга ширк келтирса, жоизми? Ўзига келган ваҳийни афсона, ёлғон, сеҳр, тўқилган уйдирма дейиши ақлданми?! Бу ваҳийни эскириб қолди, замонга тўғри келмайди, дейиши тўғрими?! Аллоҳ ваҳий қилган дастурни қўйиб, ўзи тўқиб чиқарган дастур асосида яшаши жоизми?! Инсонга яқин осмонга юлдузларни зийнат қилиб яратдик. Ўша юлдузлар осмонни жину шайтонлардан қўриб турадилар)
(13) Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Мен сизларни Од ва Самудга келган чақмоққа ўхшаш чақмоқ-ла огоҳлантирдим», деб айт.
(14) Ўшанда Пайғамбарлар уларнинг олдиларидан ҳам, орқаларидан ҳам: «Фақат Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманглар», деб келганларида, улар: «Агар Роббимиз хоҳласа, фаришталарни тушурур эди. Албатта, биз сиз билан юборилган нарсага кофирдирмиз», дедилар.
(15) Од (қавми) бўлса, ер юзида ноҳақдан муткаббирлик қилдилар. Улар: «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дедилар. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билмасмидилар?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор этар эдилар.
(16) Бас, Биз устларига шумлик кунларида сарсор шамолини юбордик. Буни уларга ҳаёти дунёнинг хорлик азобини тотдириш учун қилдик. Албатта, охират азоби хор қилгувчироқдир ва уларга нусрат берилмас. («Шумлик кунлари» яъни, ёмонлик кунлари деб оятда Од қавми устига бало шамоли келган кунлар айтилмоқда. У ўта совуқ ва қаттиқ шамол бўлиб, теккан жойини куйдириб кетади.)
(17) Аммо Самуд бўлса, бас, Биз уларни ҳидоят қилдик. Улар эса, ҳидоятдан кўра кўрликни афзал кўрдилар. Бас, касб қилган нарсалари туфайли уларни хорлик азоби чақмоғи урди.
(18) Иймон келтирганларга ва тақво қилиб юрганларга нажот бердик.
(19) Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ташланиш учун) жамланадиган, улар тизиб қўйиладиган кунни (эсла).
(20) Ниҳоят унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар. (Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлар жаҳаннам томон ҳайдалганларидан кейин, жаҳаннамга етиб келишгач, гуноҳлари ҳақида қулоқлари, кўзлари ва терилари уларга қарши гувоҳлик берур.)