(23) Ана ўша, Аллоҳ иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига бераётган хушхабардир. Сен: «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айт. Ким яхшилик қилса, Биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта шукр қилгувчи зотдир. (Ушбу жумла маъноси ҳақида уламоларимиз бир неча хил фикрлар айтишган. Мисол учун, Саъийд ибн Жубайр (р. а) «қариндошлик меҳри» иборасини Пайғамбаримизнинг (с. а. в) аҳл байтлари, деб таъвил қилганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р. а) эса, Қурайш уруғлари ичидан ҳар бири турли йўллар билан Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в) қариндошлик ришталари ила боғланар эди, шунинг учун бу жумлада у киши қурайшликларга, даъватлари учун улардан ажр сўрамасликлари, балки қариндошлик ҳақ-ҳурматини ўрнига қўйишини сўраётганлари, ифодаланган, дейдилар. Бундан қариндошчилигимиз ҳурмати менинг ишимга қарши чиқманглар, даъватим йўлини тўсманглар, деган маъно чиқади.)
(24) Ёки улар: «У (Муҳаммад) Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиди», дейдиларми?! Бас, агар Аллоҳ хоҳласа, қалбингга муҳр босур ва Аллоҳ Ўз сўзлари ила ботилни йўқ қилиб, ҳақни ҳақ қилур. Албатта, у диллардаги нарсани ўта билгувчидир.
(25) Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур.
(26) У зот иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг (дуосини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёда қилур. Кофирларга эса, уларга, шиддатли азоб бордир.
(27) Агар Аллоҳ бандаарига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширур. Албатта, у ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир.
(28) У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир.
(29) У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир.
(30) Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур. (Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.)
(31) Ва сиз ер юзида қочиб қутула олмассиз. Ҳамда сиз учун Аллоҳдан ўзга валий ҳам, нусрат бергувчи ҳам йўқ.