(20) Ва иймон келтирганлар, бирон сура нозил қилинса эди, дерлар. Вақтики, аниқ сура нозил қилиниб, унда уруш зикр қилинса, қалбларида касали борларни сенга жон бераётганнинг қарашидек қараётганини кўрасан.
(21) Уларга тоат ва яхши сўз яхшироқдир, бас, иш жиддийлашганда, Аллоҳга содиқ қолсалар, ўзларига яхши бўлур эди. (Иймон саодатига муяссар бўлганлар доимо ўзлари иймон келтирган Зотдан фармон бўлишини орзиқиб кутадилар. Чунки уларнинг энг улкан саодати фармони илоҳийга амал қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Худди шу туйғу уларни «Ва иймон келтирганлар, бирон сура нозил қилинса эди, дейдилар», каби мавқифига сабаб бўлган. Ўша орзу қилинган сура нозил қилинса, нима бўлади? У вақтда мўмин мусулмонлар хурсандлик ила унга амал қилишни бошлайдилар. Ўзларининг иймонда содиқликларини исбот қиладилар. Аммо шундай пайтда мунофиқларнинг ҳақиқий башаралари намоён бўлади, уларнинг риё пардалари йиртилади.)
(22) Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз?! (Бу оятда иймондан юз ўгириб, жоҳилиятга қайтишдан келадиган бу дунёдаги зарарлар эслатилмоқда.)
(23) Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди.
(24) Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми? (Ҳар бир оятни, ҳар бир сўзни чуқур тушунишга ҳаракат қилиш Қуръонни тадаббур қилишдир. Ўшанда парда кўтарилади, ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловот топади, виждон мусаффо бўлади. «Қалбларида қулф» бўлса, унда ҳамма нарса берк, уларга ҳеч нарса, жумладан, Қуръон нури ҳам кирмайди.)
(25) Албатта, ҳидоят равшан бўлгандан сўнг ортларига қайтганларга шайтон зийнатлаб кўрсатди ва уларни ўша йўллади. («Ортларига қайтганлар»дан мурод мунофиқлардир, улар ҳидоят–иймон нима эканлигини равшан кўрган, мўминликка яқин бўлган эдилар, лекин ортга қайтдилар. )
(26) Ундоқ бўлишлиги, албатта, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани хуш кўрмаганларга: »Сизларга баъзи ишларда итоат қиламиз», дейишлари сабабидандир. Ва ҳолбуки Аллоҳ сир-асрорларини билиб турибди. (Оятдаги «Аллоҳ нозил қилган нарсани хуш кўрмаганлар»дан мурод яҳудийлардир.)
(27) Фаришталар юзларига ва ортларига уриб жонларини олаётганларида қандоқ бўларкин?!
(28) Бундай бўлиши, албатта уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага эргашганлари ва Унинг розилигини хуш кўрмаганликлари сабабидандир. Бас, У зот амалларини ҳабата қилди.
(29) Қалбларида касал борлар, Аллоҳ уларнинг қаттиқ ҳасадларини ошкор қилмайди, деб ҳисоблайдиларми?! (Мунофиқлар ўзларича, мунофиқлик санъатини қоиллатиб қўямиз, бизнинг Исломга, мусулмонларга бўлган душманлигимизни ҳеч ким билмайди, деб ўйлашади.)