(98) Қани энди бирон қишлоқ иймон келтирганда унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида улардан ҳаёти дунёдаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача фойдалантирдик. (Оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, Юнуснинг (а. с.) қавмига ҳаёти дунёнинг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаравон турмуш ила манфаатлантирган. Демак, қоида шу: қайси қишлоқ кофир бўлса, хорлик азобига дучор бўлаверади, қайси қишлоқ иймон келтирса, ундан хорлик азоби кушойиш қилиниб, иймони туфайли манфаатлар топаверади.)
(99) Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?
(100) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У ақл юргизмайдиганларга ўта ифлосликни раво кўрур. (Яъни, ҳар бир инсон иймонга эришиш учун Аллоҳ изн этган йўлдан юриши керак. У кўрсатган амалларни қилиши керак. Мисол учун, Аллоҳ берган ақлни ишлатиб, атрофдаги оят-далилларни тушуниб етиб, иймонга юзланиши керак. Ақлни ишлатмаса, ўзига ибрат олмаса, иши расво бўлади. Нотўғри йўлга юриб, залолатга кетади.)
(101) Сен: «Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас», деб айт.
(102) Улар фақат ўзларидан олдин ўтганларнинг кунларига ўхшаш кунларга интизор бўлмоқдаларми? Сен: «Бас, интизор бўлинглар. Албатта, мен ҳам сизлар билан интизор бўлгувчиларданман», деб айт.
(103) Сўнгра Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга нажот берамиз. Шундай қилиб, мўминларга нажот бермоғимиз зиммамиздаги бурчдир. (Охир-оқибатда мўминларнинг нажот топиши ҳақдир. Бу вазифани Аллоҳ таоло Ўзига бурч қилиб олгандир. Бу ҳақиқатни мўмин-мусулмонлар, айниқса, даъватчилар жуда яхши англаб етмоқлари лозим.)
(104) Сен: «Эй одамлар, агар менинг динимда шак-шубҳангиз бўлса, бас, (билингки) мен сизлар ибодат қилаётган–Аллоҳдан ўзга нарсаларга ибодат қилмайман. Лекин сизни вафот эттирадиган Аллоҳга ибодат қиламан ва мўминлардан бўлмоғимга амр қилинганман», деб айт.
(105) Юзингни динга тўғри тут. Мушриклардан бўлма.
(106) Аллоҳдан ўзга–сенга манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган–нарсага илтижо қилма. Бас, агар шундай қилсанг, унда сен золимлардан бўласан. (Ўзини билмаган золим одамлар Аллоҳни қўйиб, бут-санамлар ва бошқа нарсаларга илтижо этиб, манфаат топмоқчи ёки зарарни қайтармоқчи бўладилар. Сен, эй Пайғамбар, уларга ўхшама, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга, ҳеч нарсага илтижо этма.)