(149) Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласиз. (Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)
(150) Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир! (Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг хўжангиз ва валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)
(151) Тезда куфр келтирганларнинг қалбига, Аллоҳга ҳужжатсиз нарсани ширк келтирганлари учун, қўрқувни соламиз. Уларнинг қароргоҳи дўзахдир. Золимларнинг жойи қандай ҳам ёмон! (Агар мўминлар ҳақиқий иймон эгалари бўлсалар, улар ҳар қачон кофирлар билан тўқнашганларида, Аллоҳ таоло кофирлар қалбига қўрқувни солиб қўяди. Чунки кофирлар ҳужжатсиз, қувватсиз, имконсиз нарсаларга таянадилар.)
(152) Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган зотдир. (Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилишоқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.)
(153) Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам, ҳеч кимга қарамай тирқираб қочганингизни эсланг. Ўтган нарсага ва етган мусибатга хафа бўлмаслигингиз учун сизга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор зотдир. (Аллоҳ таоло Уҳуд урушида сизга ғам устига ғам берди. Аввало жароҳат етди; кўпчилик қатл бўлди; мушриклардан мағлуб бўлдилар; ўлжадан қуруқ қолдилар; ғалабани қўлдан чиқардилар ва энг улкан ғам–Расулуллоҳни оғир ҳолда ташлаб қочишлари ва у зотнинг бошлари ёрилиб, тишлари синиб, ёноқларига темир ҳалқаларнинг кириши бўлди. Мана шу охирги ғам ҳамма ўтган нарсаларни ва етган мусибатларни унутдириб юборди.)