الأحزاب Al-Ahzaab
(1) Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма! Албатта, Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли зотдир.
(2) Ва ўзингга Роббингдан ваҳий қилинаётган нарсага эргаш. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир.
(3) Ва фақат Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳ кофийдир.
(4) Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд ҳам қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур. (Бу оятда жоҳилият тузумининг учта ҳукми ҳақида сўз кетмоқда. Булар: ақлли ва зийрак кишиларнинг қалби иккита бўлади, деган тасаввур; ким хотинидан зиҳор қилса, хотини онаси бўлиб қолади, деган ақида; ким бирор болани асраб олса, ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнида ўтади, деган ҳукм. Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва амал қилишар эди. Шу билан бирга, мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларига итоат этишларини талаб қилишарди. Мана шу оят мусулмонлар олдига Аллоҳга тақво қилиш, у юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг ўзига суяниш ва кофиру мунофиқларга эргашмаслик вазифасини амалий равишда қўйди.)
(5) Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир.
(6) Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу Китобда сатрлар ила битилмиш. (Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий отадан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. Унинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар (с. а. в.) ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир.)