(16) Мана шундай қилиб, Биз у(Қуръон)ни очиқ-ойдин оятлар ҳолида нозил қилдик. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиладир.
(17) Албатта, Аллоҳ қиёмат куни иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.
(18) Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.)
(19) Мана бу икки ғаним Роббилари ҳақида талашган эдилар. Бас, куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди. Бошлари устидан ўта қайноқ сув қуйиладир.
(20) У билан қоринларидаги нарсалар ва терилари эритилади.
(21) Улар учун темир гурзилар бор.
(22) Улар ҳар қачон ундаги ғамдан чиқмоқчи бўлсалар, унга қайтариладилар ва «Ёниш азобини тотинг!» дейиладир.
(23) Албатта, Аллоҳ иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар у ерда олтин билакузуклар ва инжулар ила безанурлар. У ердаги либослари эса, ипакдандир. (Бир-бирига қарама-қарши икки нарсани бир жойда, бир хил савияда васф қилишлик Қуръони Каримга хос хусусиятлардан биридир. Жаҳаннамда оловнинг азобига қўшимча қилиб, ўта қайноқ сув қуйилса, жаннатда соя-салқин боғлар остидан муздек зилол, ҳузурбахш сувлар оқиб турибди. Жаҳаннамда азоб устига азоб келса, жаннатда ҳузур устига ҳузур. Дўзахиларга оловдан кийим кийдирилса, жаннатиларга ипакдан кўйлак кийдирилади. Дўзахилар бошига темир гурзи билан урилса, жаннатиларга олтин ва инжулардан безак тақилган.)