(15) Бу сеҳрми?! Ёки сизлар кўрмаяпсизларми?!
(16) Киринглар унга! Чидайсизларми, чидамайсизларми - барибир. Қилиб юрган амалларингизнинг жазосини олурсизлар, холос.
(17) Албатта, тақводорлар жаннатлар ва нозу неъматлар ичидадирлар.
(18) Роббилари уларга берган нарсалардан лаззатдадирлар. Роббилари уларни жаҳаннам азобидан сақлар.
(19) Енглар, ичинглар, ош бўлсин. (Булар)қилган амалларингиз учундир.
(20) Улар қатор тизилган сўриларга ёнбошлаган ҳолдалар. Ва уларни гўзал кўзли ҳурларга уйлаб қўйганмиз.
(21) Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари уларга иймон билан эргашганларнинг зурриётини уларга қўшдик ва уларнинг амалларидан ҳеч нарсани камайтирмадик. Ҳар бир киши ўз касби гаровидир. (Бу дунёда иймону ислом билан ўтган кишиларнинг агар зурриётлари ҳам иймон билан ўтган бўлса, даражалари унча юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ уларни оталарига қўшиб қўяр экан. Лекин, шу билан бирга оталарнинг амалидан ҳеч бир нарса камайтирилмас экан. Яъни, болаларига олиб берилиб, уларнинг даражаси тенглатилмас экан. Чунки ҳар ким ўзи қилган касб-амалнинг гаровидир, амали яхши бўлса, оқибати ҳам яхши бўлади. Аллоҳ кўрсатмасин, амали ёмон бўлса, оқибати ҳам...)
(22) Ва Биз уларга хоҳлаган мевалари ва гўштларини муҳайё қилиб қўйдик.
(23) Улар унда қадаҳларни бир-бирларига узатурлар. У ерда беҳуда сергаплик ва гуноҳ йўқ. (Охират шаробида нохуш ишларнинг биронтаси рўй бермас экан.)
(24) Ва атрофларида худди садафдаги дурдек ғуломлари айланиб, хизматда юришадир.
(25) Баъзилари бошқаларидан ўгрилиб сўраша бошладилар.
(26) Албатта, биз илгари ўз аҳлимиз даврасида У зотдан қўрқувчилардан эдик.
(27) Бас, Аллоҳ бизга марҳамат қилди ва бизни дўзах азобидан сақлади.
(28) Албатта, биз илгари Унга дуо қилардик. Албатта, Унинг Ўзи яхшилик қилувчи ва раҳмлидур.
(29) Бас, эслатгин: сен Роббинг неъмати ила фолбин ҳам эмассан, мажнун ҳам эмассан. (Оятдаги «коҳин» сўзини биз фолбин деб таржима қилдик. Аслида, Арабистон ярим оролида коҳин алоҳида тушунчадир. У жинлар билан алоқаси борлигини ва ғойибдан хабар беришни даъво қилувчи шахсдир. Шунингдек, коҳинлар руҳлар, худолар билан ҳам алоқамиз бор дейишади ва баъзан табиблик даъвосини ҳам қилишади.)
(30) Балки улар: «У шоир, биз унга ўлим етишини кутамиз», дерлар?
(31) Сен: «Кутинглар, албатта, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчидирман», деб айт.