(10) Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар. (Ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъий назар, ўзидан аввал ўлиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас. Ислом умматининг ўлигию, тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойиқдир.)
(11) Нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш куфр келтирган ўз биродарларига: «Агар сизлар чиқарилсангиз, биз ҳам сизлар билан чиқамиз, сизни қуйиб ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмасмиз ва мабодо сизларга уруш қилинса, албатта ёрдам берурмиз», дейишларини кўрмайсанми? (Мунофиқ лар аҳли китоб бўлмиш яҳудий қабиласи Бани Назийрга келиб: «Муҳаммаддан қўрқманглар, биз сизлар билан биргамиз. Мабодо ўз юртларингдан чиқиб кетишга мажбур бўлсаларингиз, биз ҳам сизга қўшилиб чиқиб кетамиз. Агар Муҳаммад сизга қарши уруш қиладиган бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз», дейишган.)
(12) Албатта агар у(яҳудий)лар чиқарилсалар, улар бирга чиқмаслар. Ва, албатта, агар у(яҳудий)ларга уруш қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам бермаслар. Бордию ёрдам берганларида ҳам, ортларига қараб қочарлар ва алар ёрдамсиз қоларлар.
(13) Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра сизлар кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Чунки улар яхши англамайдиган қавмдирлар. (Мунофиқу кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрқанларида эди, мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлмас эдилар.)
(14) Сизларга қарши уюшиб очиқ уруш қила олмаслар, балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортига бекиниб олиб уруш қилурлар. Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир. Бу, уларнинг ақл юритмайдиган қавм эканликларидандир. (Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради.)
(15) Бу худди яқинда ўз қилмишларининг оқибатини татиб кўрганларга ўхшашдир. Ва уларга (охиратда) аламли азоблар бор. (Бу оятда, Бани Назийр аҳли ҳам хиёнат, исён туфайли худди улардан аввалги Бани Қайниқоъ аҳли тушган ҳолга тушганлари эслатилмоқда.)
(16) Бу худди Шайтон инсонга, кофир бўл, деган пайтга ўхшайдир. У (инсон) куфр келтирганда эса, сен билан менинг ишим йўқ, мен оламлар Оббиси-Аллоҳдан қўрқаман, деди.