(6) Улар сендан яхшиликдан аввал ёмонлик келтиришни талаб қилурлар. Ҳолбуки, улардан аввал мисоллар ўтмишдир. Ва, албатта, Роббинг одамларнинг зулмига қарамай, улар учун мағфиратлидир. Ва, албатта, Роббинг иқоби шиддатлидир. (Уларга ўхшаган кофир қавмлар кўп ўтган. Улар ҳам буларга ўхшаб Пайғамбарларга қарши чиққан ва турли талаблар қўйган эдилар. Оқибатда ҳаммалари ҳалок бўлганлар. Эндигилар аввал ўтган мисоллардан ибрат олсалар, тавба қилсалар, яхши бўлар эди.)
(7) Куфр келтирганлар: «Унга Роббидан бир оят нозил қилинса эди», дерлар. Сен фақат огоҳлантирувчисан, холос. Ва ҳар қавмнинг ҳидоятчиси бордир. (Ҳа, Пайғамбар кишиларни куфрнинг, исённинг ва гуноҳкорликнинг оқибатидан огоҳлантиради, холос. У одамлар сўраган оят-мўъжизаларни келтиришга масъул эмас. )
(8) Аллоҳ ҳар бир урғочининг ҳомиласини ҳамда бачадонлар нуқсон ёки зиёда қиладиган нарсаларни биладир. Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида ўлчовлидир.
(9) У зот ғойибни ҳам, шоҳидни ҳам билгувчидир. У буюкдир, юксакдир.
(10) Сиздан ким гапни сир тутса, ким уни ошкор қилса ёки ким кечаси беркинувчи бўлсаю ким кундузи ошкор юрувчи бўлса, барибир.
(11) Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ. (Аллоҳ Ўзи юқорида зикр қилганидек, бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса, Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.)
(12) У сизларга чақмоқни хавф ва тамаъ қилиб кўрсатади ва оғир булутларни пайдо қилади.
(13) Ва момақалдироқ (раъд) Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтадир ва фаришталар ҳам ундан қўрққанларидан (тасбиҳ айтадир). У чақмоқларни юборадир ва улар ила хоҳлаган одамларини, улар Аллоҳ ҳақида талашиб турганларида, урадир. У қаттиқ ушлайдиган зотдир. ( Инсон момақалдироқнинг овозидан даҳшатга тушади, бу овоз унга қўрқинчли бир қувват бўлиб туюлади, аслида эса, момақалдироқ ўзининг Холиқига–Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтаётган бўлади.)