(75) Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинур ва: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди.
غافر Ghafir
(1) Ҳа-а. Мийм.
(2) Бу китобнинг нозил қилиниши азизу ўта илмли Аллоҳ томонидандир.
(3) У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир.
(4) Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақатгина куфр келтирганлар талашиб-тортишурлар. Бас, уларнинг юртларда айланиб юришлари сени алдаб қўймасин. (Кофирлар ҳукм ва султонга, бошқа нарсаларга эга бўлишлари мумкин, бу ҳоллар мўмин кишини алдаб қўймаслиги керак.)
(5) Улардан олдин Нуҳ қавми ва улар кетидан келган фирқалар ҳам ёлғончи қилган эдилар. Ҳар уммат ўз Пайғамбарини тутишга қасд қилди ва ҳақни йўқотиш учун ботил ила мужодала этди. Бас, Мен уларни тутдим. Бас, Менинг иқобим қандай бўлди! (Ана ўша ўтган умматлардан ҳар бири ўз Пайғамбарини тутиб, ўлдирмоқни қасд қилди. Суи қасд кофирларнинг қадимий одати.)
(6) Куфр келтирганларга ҳам Роббингнинг (азоб) сўзи худди ана шундай ҳақ бўлди. Албатта, улар дўзах эгаларидир.
(7) Аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбиҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўраб: «Эй Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. (Аллоҳ таолонинг Аршини инсон идрок қила олмайди, инсон аршни кўтариб турадиганлар ва унинг атрофидагиларнинг ҳам ҳақиқатини билмайди. Билгани–Аршни кўтариб турадиган, атрофини ўраб олган зотлар борлигидир. Улар модомики Аршни кўтариб турган эканлар, шунга яраша куч-қувват ва мақом-мартабага эгадирлар.)