(41) Улар учун Биз уларнинг наслларини тўла кемада кўтарганимиз ҳам бир оят-белгидир.
(42) Ва Биз улар учун унга ўхшаш минадиган нарсаларни халқ қилдик.
(43) Агар хоҳласак, уларни ғарқ этурмиз. Бас, уларнинг ёрдамчиси бўлмас ва ҳам улар қутқазилмас.
(44) Магар Биздан бир раҳмат ва маълум муддатгача баҳраманд бўлиш бўлсагина. (Фақат Аллоҳнинг Ўзи раҳмат назарини солиб, қутқариб қолиши мумкин. Ёки маълум муддатгача дунёнинг матоҳидан баҳраманд қилиш учун омон қолдириши мумкин. Бўлмаса, ҳеч ким эсон қолмас. Бунинг мисоли ҳаётда тез-тез такрорланиб ҳам туради.)
(45) Уларга: «Олдингиздаги нарсадан ва ортингиздаги нарсадан қўрқинг. Шояд раҳм қилинсангиз», дейилса.
(46) Ва уларга Роббилари оятларидан бир оят келганида, фақат ундан юз ўгиргувчи бўлурлар.
(47) Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилинглар», дейилганда, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа, ўзи таом берадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сиз очиқ-ойдин залолатдан бошқа нарсада эмассиз», дерлар. (Сиз Аллоҳ ҳаммага ризқ беради, деган залолатли эътиқоддасизлар, мана, биздан баъзи бир одамларга таом беришимизни сўраб туришингиз бунинг далили, демоқчилар. Аслида эса, уларнинг тасаввурлари, гаплари айни залолатдир. Ҳеч қачон, ҳеч қандай инсон ўзига ҳам, бошқага ҳам ризқ топиб бера олмайди. Аллоҳ таоло бировнинг ризқини кенг, бировнинг ризқини тор қилиб қўяди. Ҳаммаси бандаларни синаш учундир. Ҳаммага ризқ берувчи, боқувчи Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Мен бировга ризқ беряпман, таомлантиряпман, боқяпман, деган одам кофир бўлади, очиқ-ойдин залолатга кетади.)
(48) Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар.
(49) Улар фақат талашиб-тортишиб турганларида ўзларини бирдан оладиган биргина қичқириқдан бошқа нарсани кутаётганлари йўқ.
(50) Улар на васият қилишга қодир бўларлар ва на ўз аҳлларига қайтарлар.
(51) Ва сурга пуфланди. Бас, улар бирдан Роббилари томон қабрлардан шошилиб чиқурлар.
(52) Улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғотди?! Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган Пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» дерлар.
(53) Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлгани йўқ. Бас, улар бирдан тўпланиб, ҳузуримизда ҳозир қилингандирлар.
(54) Бугунги кунда бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз.