(29) Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини, уларнинг ҳар бири белгиланган муддат томон юришини ва, албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардор эканини кўрмадингми?!
(30) Бу, албатта, Аллоҳнинг Ўзи ҳақ, албатта, Ундан ўзга илтижо қилаётганлари ботил ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи энг юксак ва энг буюк зот эканидандир.
(31) Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир.
(32) Қачон уларни тоғ каби тўлқин ўраб қолса, Аллоҳнинг динига ихлос этароқ, дуо қилурлар. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарса, баъзилари тежамкор бўлур. Бизнинг оятларимизни фақат ўта хоин ва ўта кофирларгина инкор этурлар. (Ўлим кўзига кўринган чоғда, минган кемаси қаттиқ довулга учраб, денгизда хасдек у ён-бу ён отилаётган бир пайтда ҳамма нарсани унутиб, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ёлбориб илтижо қилишга тушади. Аллоҳдан бошқа нарса ёдига келмайди. Аллоҳга, Унинг динига ихлос қилиб қолади. Эсон-омон қутулиб олса, доимо Аллоҳга шукр этиб, ибодат қилиб юришга ваъдалар беради. Улар тўлқинга учраган пайтларида, бундан буён Аллоҳга иймон-эътиқодда бўлиб, ибодат қилиб юраман, деб ваъдалар берган эдилар, ўша ваъдаларига хиёнат қиладилар. Аллоҳнинг неъмати ила ўлимдан топган нажотларига ношукрлик қиладилар. Кемага минган ва довулда қолган пайтда кўрган оят-белгиларини инкор этадилар.)
(33) Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда бергувчи бўлмайдиган кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин. (Бу кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто, ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.)
(34) Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир. (Оятда Аллоҳ таолонинг илми шомилу комил ҳамда мутлақ экани, унинг илми қаршисида бошқа илмлар ҳеч нарсага арзимаслиги баён қилинмоқда.)