(58) Пок юртнинг набототи Роббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир. Шукр келтирган қавмлар учун оятларимизни шундай хилма-хил баён қилурмиз. (Юқоридаги оятда бўлгани каби, ушбу ояти каримада ҳам жуда катта ва нозик қиёс бор. Қуръони Карим оятларида, Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) ҳадиси шарифларида пок ва саҳий қалб тоза ва сермаҳсул ерга–тупроққа қиёс этилади. Нопок ва ифлос қалб эса, ғажд ва маҳсулсиз ерга ўхшатилади. Покиза заминдан яхши маҳсуллар етишиб чиққанидек, пок ва саҳий қалбда ҳам иймон, ихлос, етук мафкура ва эзгу ниятлар яшайди. Уларнинг меваси Аллоҳ рози бўладиган амаллардангина иборат бўлади. Нопок ва нобоп ердан бир ҳосилнинг униб чиқиши машаққат бўлганидек, нопок қалбдан ҳам яхшилик чиқиши қийин. Чиркин қалбдан чиқса ҳам, фақат ёмонлик чиқади.)
(59) Батаҳқиқ, Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Албатта, мен сизларнинг буюк куннинг азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди. (Аввал-бошда Одамнинг (а. с.) қиссалари баён этилган эди. Энди у зотнинг зурриётлари пушти камаридан яралган Нуҳнинг (а. с.) қиссалари келтирилмоқда.)
(60) Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», дедилар. (Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган уларнинг мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар. Шу тоифа зодагонлар Нуҳ (а. с.) қавмларида ҳам бор эди.)
(61) У: «Эй қавмим, менда залолат йўқ. Балки мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
(62) Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан.
(63) Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди.
(64) Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Сўнг Биз уни ва у билан бирга бўлганларни кемада қутқардик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ қилдик. Чунки улар кўр қавм эдилар.
(65) Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!» деди.
(66) Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дедилар.
(67) У: «Эй қавмим, менда эси пастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.