(41) Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғолингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жиҳод қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир. (Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар, ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)
(42) Агар осон манфаат ва яқин сафар бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўринди. Улар тезда Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар қодир бўлганимизда, албатта, сиз билан чиқар эдик», дерлар. Улар ўзларини ҳалок қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ улар ёлғончи эканларини, албатта, билади. (Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)
(43) Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, изн бердинг? (Пайғамбар (с. а. в.) мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар. Аслида, шошилиб рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганларнинг кимлиги билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди.)
(44) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар сендан моллари ва жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчи зотдир.
(45) Албатта фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиганлар ва қалблари шубҳага тўлганларгина сендан изн сўрарлар. Бас, улар шубҳаларида иккиланаверадилар.
(46) Агар чиқишни хоҳлаганларида, унга тайёргарлик кўрар эдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг ҳаракатланишларини ёқтирмай тутиб қолди. Уларга, ўтирувчилар билан ўтиринглар, деди. (Ўша иймонсиз мунофиқларда, аслида, жиҳодга чиқиш нияти бўлса, аввалдан тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Сафарбарлик эълон этилгандан сўнг турли баҳоналар қилиб, жиҳоддан қолишга изн сўраб келишлари, уларнинг жиҳодга чиқиш ниятлари йўқлигидандир.)
(47) Агар улар ичингизда чиққанларида ҳам сизга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмасдилар, тезлаб орангизга фитна солишга уринардилар. Ҳолбуки, ичингизда уларга қулоқ солувчилар бор эди. Аллоҳ золимларни билгувчи зотдир.