(72) У: «Вой шўрим, ўзим кампир, манави эрим чол бўлса ҳам, туғаманми?! Бу қизиқ нарса-ку!» деди. (Иброҳимнинг (а. с.) ҳам аёлларининг ҳам ёши ўтиб қолган эди.)
(73) Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланасанми? Эй аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Албатта, У мақталган ва буюк зотдир», дедилар.
(74) Иброҳимдан қўрқинч кетиб, хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми ҳақида баҳслаша бошлади.
(75) Албатта, Иброҳим ҳалийм, тазарруъли ва (Аллоҳга) тез қайтувчидир. (Фаришталарнинг мақсадларини билгандан сўнг Иброҳимдан (а. с.) қўрқинч кетди. У кишига фаришталар келтирган хушхабар етди. Лекин у киши фаришталар хушхабар келтиргани билан бирга Лут қавмидан ташвишга тушиб, улар ҳақида тортиша бошладилар.)
(76) «Эй Иброҳим, бундан воз кеч. Чунки Роббингнинг амри келиб бўлган. Албатта, уларга қайтарилмас азоб келгусидир», дейишди.
(77) Элчиларимиз Лутга келган пайтларида, у уларни (кўриб) ёмон ҳолга тушди ва қўл-оёғи бўшашди ҳамда: «Бу қийин кундир», деди. (Чунки Лут (а. с.) қавмининг жинояткор эканини яхши билардилар. Улар дунёда ҳеч ким қилмаган гуноҳни қилаётган эдилар. Бу золим қавмга Аллоҳнинг азоби келиши муқаррар эди. Аммо қачон келишини ҳеч ким билмас эди. Жумладан, Лут (а. с.) ҳам. Аммо ҳузурларига Аллоҳнинг элчилари бўлмиш фаришталар келганида Лут (а. с.) қавмига азоб келганини англадилар.)
(78) Қавми унга шошилиб, ҳаллослаб етиб келди. Улар бундан олдин гуноҳлар қилар эдилар. У: «Эй қавмим, анаву қизларим сизлар учун покроқ-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқинг! Меҳмонларим ҳақида мени шарманда қилманг. Ичингизда бирорта тузукроқ одам йўқми?!» деди. (Мазкур қавм баччабозлик қилардилар. Лутнинг (а. с.) меҳмонга ёш йигитларнинг келишидан ёмон ҳолга тушишлари ва қўл-оёқлари бўшашишлари ҳам, юқорида айтиб ўтилганидек, шу боисдан эди. Қавмнинг нияти кўринишидан маълум эди.)
(79) Улар: «Сенинг қизларингда бизнинг ҳаққимиз йўқлигини билгансан ва биз нимани хоҳлашимизни, албатта, сен биласан», дедилар.
(80) У: «Қани энди сизларга қувватим етса эди ёки мустаҳкам ерга беркинсайдим», деди.
(81) Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин. Чунки уларга етадиган мусибат у (аёл)га-да етгувчидир. Уларга тайин қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» дедилар.