(62) У(ер)дан ўтганлари замон у йигитига: «Тушлигимизни келтир. Бу сафаримизда чарчоққа учрадик», деди.
(63) У: «Буни қара, харсангга (суяниб) жойлашганимизда, мен балиқни унутибман. Фақат шайтонгина уни эслашимни унутдирибди. Ажабо, у денгизга йўл олибди», деди. (Тушлик пайти балиқ ёдларига келса, уни тушириб қўйишгани маълум бўлади. Билъакс, унинг денгизга йўл олишидан йигит ажабланмас ҳам эди. Мусо (а. с.) тушлик сўраганларидан сўнг балиқнинг йўқлигини билди. Аввалги харсанг тошга суяниб дам олган жойларида балиқ сувга тушиб, сузиб кетганини пайқаб қолди. Ҳамда бу ишдан ғоятда ажабланганини баён қилди.)
(64) У (Мусо) «Ана шу биз истаган нарса», деди. Бас, келган йўлларидан изларига қайтдилар.
(65) Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик.
(66) Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» деди. (Мусо (а. с.) улкан Пайғамбар бўлишларига қарамай, ўзларидан кўра илмлироқ, ўзларига устоз бўлиши мумкин бўлган кишига ўта одоб билан мурожаат қилиб, унга шогирд тушишни сўрадилар.)
(67) У: «Сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан.
(68) Ўзинг хабарини иҳота қилмаган нарсага қандай сабр қиласан», деди. (Бўлаётган ҳодисани иҳота эта олмаган одам унга сабр қилиб, индамай қараб тура олиши қийин эканини эслатди.)
(69) У: «Инша Аллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрурсан ва сенга ҳеч бир ишда осий бўлмасман», деди.
(70) У: «Агар менга эргашадиган бўлсанг, то ўзим зикр қилиб айтмагунимча бир нарса ҳақида сўрамагин», деди.
(71) Бас, юриб кетдилар. Кемага минганларида, уни тешиб қўйди. У (Мусо): «Буни унинг аҳлини ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда ғалати нарса қилдинг-ку», деди.
(72) У: «Сенга, албатта, мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан демабмидим?!» деди.
(73) У: «Эсимдан чиққан нарса учун мени жазолама, бу ишим учун мени қийнама», деди.
(74) Бас, улар юриб кетдилар. То бир болани учратганида, уни ўлдирди. У (Мусо): «Бировни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирасанми?! Жуда мункар нарса қилдинг-ку?!» деди. (Бу иши кемани тешгандан ҳам баттар туюлди. Чунки кўриб билиб туриб бир маъсум гўдакни қасддан ўлдириш ҳазилакам иш эмас эди.)