(23) Китобдан насиба берилганларга қарамайсанми?! Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳлари юз ўгириб ортга қайтадилар. (Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтулмидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нуъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари: «Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан?» дедилар. У зот алайҳиссалом: «Иброҳим миллати ва динидаман», дедилар. Улар: «Иброҳим яҳудий бўлган, дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик», деганларида, улар бош тортдилар.)
(24) Бунинг сабаби–уларнинг: «Бизга саноқли кунлардан бошқа ҳеч ўт тегмайди», деганларидадир. Тўқиган нарсалари уларни динларида адаштирди.
(25) Унда, бўлишида шубҳа йўқ кунда уларни жамлаганимизда ва ҳар бир жон зулм қилинмасдан, қилганига яраша жазосини олганда, ҳоллари қандай бўлади?
(26) Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан.
(27) Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт. (Кўриниб турибдики, бу икки оятда жуда ҳам улкан маънолар ўз аксини топган. Ягона Аллоҳнинг фақат Ўзига хос камолот сифатлари жамланган. Шунинг учун ҳам ушбу икки оятни кундалик вирд-вазифа сифатида ўқиб юриш тавсия қилинади.)
(28) Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар улардан сақлансангиз, Аллоҳ сизларни ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир. (Исломда бошқа диндагилар билан яхши алоқада бўлишга рухсат бор. Лекин дўст тутиш, ҳамма нарсани кофирга ишониб топшириб қўйиш мумкин эмас. Фақат бир ҳолатдагина, истисно тариқасида, юзаки равишда ўзини кофирга дўст қилиб кўрсатиши мумкин: «Магар улардан сақлансангиз». Бундай тасарруфни «тақиййа» деб аталади. Тақиййа билан жонни, молни ва номусни душманлардан сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.)
(29) Сен: «Агар қалбингиздаги нарсани махфий тутсангиз ҳам, ошкор қилсангиз ҳам, Аллоҳ биладир. Ва осмонлардагию ердаги нарсаларни ҳам биладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт. (Ояти карима Аллоҳ таоло бандаларининг барча ишларидан очиқ-ойдин хабардор эканлигини шубҳага ҳеч ўрин қўймайдиган даражада баён қилмоқда. Ким махфий равишда кофирларни дўст тутса ҳам, билади. Билганидан сўнг, албатта, унинг жазосини беради.)