(4) Ундай бўлиши, улар Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилганлари учундир. Кимки Аллоҳга хилоф қилса (унутмасинки), албатта, Аллоҳ - азоби зўр зотдир.
(5) Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди. (Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсиридла таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян ман қилинади. Бу боқий ҳукмдир. Лекин Бани Назийр ҳодисасида Аллоҳ таоло Ўзи уларни баъзи хурмо дарахтларини кесиб ўт қўйишга изн берган.)
(6) Аллоҳ Ўз Расулига улардан қайтариб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарини хоҳлаган кимсанинг устидан, ғолиб қиладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу оятда Аллоҳ таоло қўлга тушган мол-мулк учун мусулмонлар туя миниб, от чоптириб қийналмаганларини, бу нарсаларни Пайғамбарига Аллоҳнинг Ўзи, Ўз қудрати билан берганини эслатмоқда.)
(7) Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар аҳлидан қайтариб берган нарса. Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир. Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун. Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир. ( Аллоҳ таоло яҳудийлар қолдирган молларни «қайтарилган мол» деб номлаяпти. Аслида, мол Аллоҳники, Бани Назийрга берган молини энди Пайғамбарига қайтарди. Аслида ўлжаларни жиҳодда қатнашган мужоҳидларга тақсимланади. Аммо бу сафар ўлжа урушсиз қўлга тушгани учун ушбу ва кейинги оятда зикри келган: Аллоҳ, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндошлари, сафарда оғир аҳволга тушганлар, етим, мискин ва фақир муҳожирларга тақсимланмоқда.)
(8) Фақир муҳожирларгаки, улар ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган эдилар, (улар) Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини умид қилулар. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берурлар. Ана ўшалар содиқлардир.
(9) У(муҳожир)лардан аввал бу жойда яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севадирлар ва у(муҳожир)ларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир. (Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «Ансорлар» деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.)