(154) Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз.
(155) Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.
(156) Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.
(157) Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир. (Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.)
(158) Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)
(159) Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни–ўшаларни Аллоҳ лаънатлайди. Ва лаънатловчилар лаънатлайди.
(160) Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиламан. Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман.
(161) Албатта, куфр келтирган ва кофирлик ҳолида ўлганларга–ана ўшаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг–барчанинг лаънати бўлгай.
(162) Унда абадий бўлурлар. Улардан азоб енгиллатилмас. Ва уларга назар ҳам солинмас.
(163) Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Раҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир.