(73) Ва уларни Ўз амримиз ила ҳидоятга бошловчилар қилдик. Уларга яхшиликлар қилишни, намозни тугал адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизга ибодат қилгувчилар бўлдилар.
(74) Ва Лутга ҳукм ва илм бердик ва унга ифлосликлар қилаётган қишлоқдан нажот бердик. Албатта, улар ёмон, бузғунчи қавм эдилар.
(75) Ва Биз уни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, у солиҳлардандир.
(76) Ва Нуҳни (эсла). Бундан олдин у нидо этганида, Биз унинг нидосига жавоб қилдик ва унга ҳамда унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик.
(77) Унга оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга қарши нусрат бердик. Албатта, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилдик. (Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари бошқа сураларда батафсил келган. Бу сурада сиёққа қараб икки оятда қисқача баён қилинмоқда.)
(78) Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда у(экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. (Ўз даврининг Пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишибди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан. «Ўшанда у (экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди». Кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб бўлиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймонни алайҳиссалом кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссалом олдиларига кирдилар ва «Эй Аллоҳнинг Набийи, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди», дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келгандан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.)
(79) Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик. Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз.
(80) Биз унга сизлар учун сизни ёмонликдан сақлайдиган кийим қилиш санъатини ўргатдик. Энди шукр қиларсизлар?!
(81) Сулаймонга шамолни қаттиқ эсувчи қилиб бердик. У(шамол)ни унинг амри ила, Биз баракали қилган ерга эсадиган қилиб қўйдик. Барча нарсани билгувчи бўлдик.