(5) На уларнинг ва на ота-боболарининг бу ҳақда илми йўқдир. Оғизларидан чиқадиган сўз қандай ҳам оғир. Улар ёлғондан бошқани айтмаслар. ( Ҳолбуки ўзлари тўқийдиларми ёки ота-боболарига суяниб гапирадиларми–барибир уларнинг бу даъволарида заррача илмийлик йўқ. Бу даъво жоҳилона айтилган қуруқ гап, холос. Аллоҳ ҳақида билмай туриб гапириш жуда оғир. Айниқса, илмсизларча, жоҳиллик билан, Аллоҳ Ўзига бола тутди, дейиш яна ҳам оғир.)
(6) Улар бу сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол уларнинг ортидан таассуф ила ўзингни ҳалок этмоқчи бўларсан?! (Яъни, мушриклар Қуръонга иймон келтирмасалар, уларга афсусланиб, ўзингни ўзинг қийнарсан? Йўқ, бундай қилма. Улар бунга арзимайдилар.)
(7) Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз.
(8) Албатта, Биз унинг юзидаги нарсаларни қуп-қуруқ тупроққа айлантиргувчимиз.
(9) Каҳф ва битик эгаларини Бизнинг ажойиб оят-белгиларимиздан деб ўйладингми?! (Яъни, эй Пайғамбар, ўша каҳф (ғор) эгалари ва ундаги уларнинг исмлари битилган битикни Бизнинг энг ажойиб мўъжизаларимиз деб ўйладингми?)
(10) Қачонки йигитлар каҳфдан жой олганларида: «Эй Роббимиз, бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни ўзинг тўғрилагин», дедилар. (Каҳф эгалари йигитлар экан. Улар ғордан паноҳ жой топибдилар. Яъни, бировдан қочиб келиб яширинибдилар. Демак, ишларидан кўнгиллари тўқ эмас. Уларга бу борада ҳам Аллоҳдан ёрдам керак.)
(11) Бас, каҳфда уларнинг қулоқларига бир неча йиллар (парда) урдик. («Қулоққа парда урди» дегани, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Йигитлар қочиб келиб ғорга жойлашганларида Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни, ухлатиб қўйган. Яъни, йигитлар ғорда узоқ вақт ҳеч нарсани эшитмай ухлаб ётганлар.)
(12) Сўнгра икки гуруҳдан қайси бири уларнинг турган муддатини ҳисобловчироқ эканини билиш учун уларни уйғотдик.
(13) Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берурмиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик.
(14) Уларнинг қалбларини мустаҳкамладик. Қачонки турдилар ва: «Бизнинг Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Ундан ўзгани ҳаргиз илоҳ дея дуо қилмаймиз. Агар шундай қилсак, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз.
(15) Ана у қавмимиз Ундан ўзга худолар тутдилар. Уларга равшан ҳужжатлар келтира олармиканлар?! Аллоҳга ёлғон уйдиргандан ҳам золимроқ ким бор.