(11) Биз золим бўлган шаҳар-қишлоқлардан қанчасини (белини) синдирдик ва улардан кейин бошқа қавмларни пайдо этдик.
(12) Бизнинг азобимизни ҳис қилганларида эса, бирдан у ердан қочишга бошларлар.
(13) Қочманглар! Маишатпарсатлик қилган нарсаларингизга, масканларингизга қайтинглар. Ҳали эҳтимол сўралурсизлар.
(14) Улар: «Ҳолимизга вой! Биз, албатта, золим бўлган эканмиз», дедилар.
(15) Уларнинг ўша дод-войлари, Биз уларни ўрилган ўтдай, совуган кулдай қилгунимизча бардавом бўлди.
(16) Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ. (Бундай улкан ва ажойиб нарсалар, албатта, ўйин учун яратилмайди. Беҳудага шунчалик уринишнинг кераги йўқ. Мақсад ўйин бўлса, шунга мосроқ нарса яратилар эди.)
(17) Агар Биз кўнгилхуши тутишни ирода қилсак, уни қилувчи бўлганимизда ҳам, Ўз томонимиздан тутар эдик.
(18) Йўқ, Биз ҳақни ботил устига отурмиз. Бас, уни яксон қилур. Кўрибсанки, у(ботил) заволга учрабди. Сизларга эса, қилган васфларингиздан ҳалокат келур.
(19) Осмонлару ердаги барча жонзотлар Уникидир. Унинг ҳузуридагилар ибодатидан такаббурлик қилмаслар ва малол олмаслар.
(20) Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар.
(21) Ёки улар ердан худолар тутдилару ўшалар тирилтирурларми?
(22) Агар у(осмонлару ер)ларда Аллоҳдан ўзга «худо»лар бўлганида, бузулиб кетар эдилар. Аршнинг Робби Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир. (Борлиқни бир зот яратган, бир зот идора қилиб, бошқариб туради. Борлиқ шунга бўйсунади. Шу боис ҳам ҳадсиз-ҳисобсиз бўлишига қарамай, борлиқда қойил қоларлик даражада низом ва мутаносиблик ҳукм суради. Агар борлиқни яратган, уни идора қилиб турган зот биттадан кўп бўлса, ўша зотларнинг иродаси бир-бири билан, албатта, тўқнашар эди. Оқибатда борлиқда номутаносиблик келиб чиқар, жипслик йўқолар ва низом бузилар эди. Модомики борлиқ бир низомда турибдими, мутаносибми, демак, уни яратган ва тадбирини қилиб турган зот битта.)
(23) У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар.
(24) Ёки ундан ўзга «худо»лар тутдиларми? Сен: «Ҳужжатларингизни келтиринг. Мана бу мен билан биргаларнинг зикридир ва мендан олдингиларнинг зикридир», дегин. Йўқ, уларнинг кўплари ҳақни билмаслар. Бас, улар юз ўгиргувчидирлар. (Борлиққа назар солиб, ундаги мавжудотларни мулоҳаза қилиб кўрганда, Аллоҳ таолонинг шериги бўлиши мумкин эмаслиги исботланди. Яна нима учун мушриклар Аллоҳ таолога ибодат қилмаяптилар?)