الممتحنة Al-Mumtahana
(1) Эй иймон келтирганлар! Агар Менинг йўлимда жиҳод қилиб ва розилигимни сўраб чиққан бўлсангиз, Менинг душманларимни ва ўзингизнинг душманларингизни дўст тутманглар. Сизлар уларга дўстлик қиласизлар, улар бўлса сизларга келган ҳаққа куфр келтирарлар. Роббингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганингиз учун Пайғамбарни ва сизни ҳайдаб чиқарарлар. Сиз уларга дўстлик қилиб сир айтасиз. Ҳолбуки, Мен нимани махфий тутганингизнию нимани ошкор қилганингизни жуда яхши билурман. Ораларингизда ким ўша ишни қилса, тўғри йўлдан адашган бўладир. (Аллоҳнинг ва мусулмонларнинг душманларига дўстлик қилувчи кишилар билиб қўйсинларки, улар мусулмонларга келган ҳаққа - Қуръон ва Исломга кофир бўлганлар. Бу ҳам етмаганидек, Пайғамбарнинг ва мўминларнинг иймонларини айб ҳисоблаб, ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарганлар. Шунинг учун у мушрикларни дўст тутмаслик керак. Биров билмайди деб уларга сир айтманг, Аллоҳ таоло сиру ошкор барча амалларингизни билиб турувчи зотдир.)
(2) Агар улар сиздан устун келсалар, сизга душман бўларлар ва сизларга қўлларию тилларини ёмонликла чўзар лар. Ва сизларнинг кофир бўлишларингизни хоҳларлар.
(3) Қариндошларингиз ва фарзандларингиз сизга ҳеч манфаат бера олмаслар. Қиёмат куни У зот ораларингизни бўлур. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир.
(4) Ҳақиқатда, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор. Улар, биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз, сизга куфр келтирдик, энди токи ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча орамизда доимий адоват ва кучли нафрат пайдо бўлди, дедилар. Магар Иброҳимнинг отасига қарата, албатта сен учун истиғфор айтаман, сендан Аллоҳ(азоби)дан бирор нарса қайтаришга молик эмасман, деган сўзи мустасно. Эй Роббимиз, фақат Сенга таваккал қилдик, фақат Сенгагина қайтдик ва қайтиб борадиган жой ҳам фақат Сенгинадир. (Иброҳим Пайғамбар оталарига раҳмлари келиб: «Албатта, сен учун истиғфор айтаман», дея ваъда берганлар. Лекин отанинг иймонга келмаслигига кўзлари етгач, «Сендан Аллоҳнинг азобини қайтаришга молик эмасман», деб қўшиб қўйганлар.)
(5) Эй Роббимиз, бизни кофирларга фитна қилиб қўймагин ва бизни кечиргин. Эй Роббимиз, албатта, Сен, Ўзинг азизу ҳакимсан.