الإسراء Al-Israa
(1) Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир.
(2) Ва Биз Мусога китобни бердик ва у(китоб)ни Бани Исроилга ҳидоят қилиб: «Мендан ўзгани вакил тутманглар!» дедик.
(3) (Эй) Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди. (Нуҳ (а. с.) ўта шукрли банда эди. Унга иймон келтирганлар ҳам ўта шукрли бандалар эдилар. Сизлар ҳам шукрли бўлинглар.)
(4) Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик.
(5) Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юбораурмиз. Бас, улар ҳовли-жойларни оралаб кезарлар. Бу қилиниши лозим ваъда эди. (Турли имконларга эга бўлиб, муқаддас ерда юксаладилар. Сўнгра бузғунчиликга ўтадилар. Сизга қилмишингизнинг жазосини куч-қувватга эга бандаларимиз беради, сизларни топиб, азоблаб ўлдирадилар. Улардан қочиб қутула олмайсиз.)
(6) Сўнгра сизга улар устидан ғалабани қайтардик ва сизга молу дунё ва фарзандлар ила мадад бердик. Ва сизларнинг нафарингизни кўп қилиб қўйдик.
(7) Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги (бузғунчиликнинг) ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборамиз). (Сиз ўзингизнинг қилмишингиз ила ўша ваъданинг юзага чиқишига сабаб бўлганингизда... У бандаларимиз шиддатли куч-қувват эгалари бўладилар. Улар масжидга–Байтул Мақдисга аввал қандай кирган бўлсалар, шундай кирадилар ва ўзлари эгаллаган нарсаларни тамоман парчалаб йўқ қилиб ташлайдилар.)