(111) Агар Биз уларга фаришталарни туширсак ҳам, уларга ўликлар гапирса ҳам ва уларнинг олдига ҳамма нарсани очиқ-ойдин тўпласак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, иймон келтирмаслар. Лекин кўплари жоҳилдирлар. (Аллоҳ таоло турли оят-мўъжизани, кишини лол қолдирувчи нарсаларни жилва қилдириб, одамларни танг қолдириб, кейин иймонга келишларини хоҳламаган. Аллоҳ таоло иймон йўлини инкишоф этиб, кишилар ўша йўл билан ақлларини ишлатиб, ўз ихтиёрлари асосида иймонга келишларини хоҳлайди. Иймонга келганларга мукофот беради, келмаганларга–жазо. Одамларнинг «кўплари жоҳилдирлар».)
(112) Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар. Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиган нарсалари ила ёлғиз қўй! (Аллоҳ таоло Ўз хоҳиши билан ҳар бир Пайғамбарга инсий ва жинний шайтонларни душман қилиб қўйган экан. Жин шайтонлар одамларни иғво қилиб, васвасага солиб, залолатга чақириб турадилар. Аммо Аллоҳнинг зикри бор жойдан қочадилар. Аллоҳни эслаб турадиган мўмин-мусулмон кишига улар ўз таъсирларини ўтказа олмайдилар. Аммо одамдан бўлган шайтонлар эса, ҳамма-ҳаммасидан бадтаридир. Улар доимо орамизда, кўзларимиз ўнгида туради. Аллоҳнинг зикрини қилсанг ҳам, қочмайди. Турли йўллар билан васваса қилиб, гуноҳ ишларга бошлайди. Инсу жин шайтонлари доимо ғавғо ва туғён билан машғулдирлар.)
(113) Унга (гапнинг гўзалига) охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалби мойил бўлиши, ундан рози бўлиб, қиладиган гуноҳларини бажаришлари учундир.
(114) Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми? Ҳолбуки, У сизга китобни батафсил этиб нозил қилди. Биз уларга китоб берганлар уни Роббингдан ҳақ ила нозил қилинганини биладилар. Бас шак келтирувчилардан бўлма.
(115) Роббингнинг сўзлари содиқлик ва адолат ила батамом бўлди. Унинг сўзларини ўзгартувчи йўқ. Ва У яхши эшитгувчи ва яхши билгувчи зотдир.
(116) Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос.
(117) Албатта, Роббинг ким Унинг йўлидан адашишини яхши билгувчидир. Ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билгувчидир.
(118) Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!