(50) Бизнинг фармонимиз бир сўздан ўзга эмас. Кўз юмгунча бўлур.
(51) Дарҳақиқат, Биз сизга ўхшаганларни ҳалок қилдик. Бас, буни эсловчи борми ўзи?!
(52) Ва уларнинг ҳар бир иши китоблардадир.
(53) Ҳар бир кичигу катта сатрлангандир. (Макка мушриклари, қандай қилиб инсоннинг ишларини сатрларга ёзиб, ҳужжат тўплаб бориш мумкин, деб ўша вақтда ажабланган бўлишлари мумкин. Аммо биз ҳозирги ҳисоб-китобларни, ёзиш асбобларини кўриб-билиб туриб, қандоқ қилиб бу ҳақиқатни инкор эта оламиз?)
(54) Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда.
(55) Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар.
الرحمن Ar-Rahmaan
(1) Роҳман.
(2) Қуръони ўргатди.
(3) Инсонни яратди.
(4) Унга баённи ўргатди.
(5) Қуёш ва ой ҳисобдадир.
(6) Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар. (Дунёдаги жонлию жонсиз барча нарса Аллоҳнинг иродасидан ташқари чиқа олмаслигига, ҳаммаси олам Парвардигорига боғлиқ эканига далолат қилмоқда.)
(7) Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди.
(8) Тортишда ҳаддан ошмаслигингиз учун. (Агар ушбу тарозуни Ислом дини, Қуръон китоби, Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбари орқали ўрнатмаганида, адолат мезони бузиларди, ҳақдан ботил устун келарди. Ер юзини фисқу фасод босарди.)
(9) Адолат ила ўлчанг ва тарозудан уриб қолманг.
(10) Ва ерни ҳалойиқ учун қўйди.
(11) У(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар бор.
(12) Ва сомонли донлар ҳамда райҳон бор.
(13) Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
(14) Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди.
(15) Ва жинларни алангадан яратди.
(16) Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз.