(121) «Оламларнинг Роббига.
(122) Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар. (Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо (а. с.) келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)
(123) Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.
(124) Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди. (Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)
(125) Улар: «Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.
(126) Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.
(127) Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар. У: «Ўғилларини ўлдирамиз ва аёлларини тирик қолдирамиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди.
(128) Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб беради. Ва оқибат тақводорларникидир», деди.
(129) Улар: «Сен бизга келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам озор тортдик», дедилар. У: «Шоядки Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни ер юзига халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», деди. (Қавм Пайғамбарига таъна қилди. Сен келмасингдан бурун ҳам озор тортар эдик, ўшанда ҳам ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдирар эдилар, сен келганингдан кейин ҳам бари бир озор топмоқдамиз. Уларнинг фикрича, Пайғамбар келиши ҳамоно ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлиб қолиши керак экан. Улар Пайғамбар шахсига таъна қилмоқдалар. Аммо нега ўзларига назар солмайдилар? Ўзлари нималар қилдилар? Иймон келтирдиларми? Иймон тақозо этган бирор-бир ишни қилдиларми?)
(130) Биз Фиръавн аҳлини, шояд эсласалар, деб (қаҳатчилик) йиллар ва мевалар танқислиги ила тутдик.