(94) Қасамларингизни орангизда алдов воситаси қилиб олманг. Бас, қадам собит бўлганидан сўнг тоймасин ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз учун ёмонликни татиб юрманг. Сизга улкан азоб бўлмасин.
(95) Аллоҳнинг аҳдини оз баҳога сотиб юборманг. Агар билсангиз, сиз учун, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқдир.
(96) Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир. Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.
(97) Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.
(98) Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин. (Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.)
(99) Албатта, иймон келтирганлар ва ўз Роббиларига таваккал қилганларга у(шайтон)нинг султони йўқ.
(100) Унинг султони фақат уни дўст тутадиганларга ва у сабабли мушрик бўлганларга, холос.
(101) Қачонки, Биз бир оят ўрнини бошқа бир оят ила алмаштирсак, –ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни ўзи яхши билгувчидир–улар: «Шубҳасиз, сен уйдирмачисан!» дерлар. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар. (Аввалги ўрганган сураларимизда Қуръондаги баъзи оятлар кези келганда маълум сабабларга кўра насх этилиб, Аллоҳ уларнинг ҳукми ўрнига бошқа оят ила бошқа ҳукм жорий қилишини билган эдик. Ушбу оятда Қуръондаги баъзи оятларнинг насх бўлишига мушрикларнинг муносабатлари билдирилмоқда.)
(102) Сен уни руҳул қудус Роббингдан иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ва мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб ҳақ ила туширганини айт. (Эй Муҳаммад! Сен уларга Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузуридан руҳул қудус унвонига эга бўлган фаришта Жаброил (а. с.) олиб тушганини айт.)