(56) Ўша кунда ҳукмронлик (ёлғиз) Аллоҳгагина хосдир. У улар орасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирганлар ва яхши амал қилганлар нозу неъмат жаннатларидадирлар.
(57) Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, бас, ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.
(58) Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар, сўнгра ўлдирилиб ёки вафот этганларни, албатта, Аллоҳ гўзал ризқ ила ризқлантирур. Албатта, Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг энг яхшисидир. (Ҳижрат Аллоҳ йўлида ватандан, қариндош-уруғдан, молу дунёдан, турли қулайликлардан узоқда бўлишдир. Ҳижрат барча Пайғамбарлар, улуғ зотлар бошидан ўтказган ҳолатдир. Исломда эса, Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с. а. в.) ва у кишининг сафдошлари–саҳобаларнинг бир қисми ҳаётидаги катта синовдир. Аллоҳ таоло уларнинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг Исломга фатҳу футуҳ, шону шавкат берди.)
(59) Албатта, У зот уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритур. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳалим зотдир.
(60) Иш бундоқ. Ким ўзига иқоб қилинганига ўхшаш иқоб қилсаю, сўнгра унга яна зўравонлик қилинса, Аллоҳ, албатта, унга нусрат берур. Албатта, Аллоҳ авфли ва мағфиратли зотдир. (Биров зулмга учраб, бошқа бир киши томонидан иқобга учраса, қасос олиш тариқасида ўша золимдан ўзига қилинган иқоб даражасида ўч олсаю, сўнгра унга яна тажовуз қилинса, ўша одамга Аллоҳ ёрдам беради. Чунки у зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти. Бошқа томон эса, аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, тушуниб ўзини тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлик қилди.)
(61) Чунки Аллоҳ, албатта, кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир. (Доимий сувратда кеча кундузга, кундуз кечага кириб туради. Буни Аллоҳга куфр келтириб, гердайиб юрган одамлар ҳам, бошқалари ҳам қила олмайди. Буни фақат Аллоҳ таологина қилади. Аллоҳнинг бу ишини биров тўхтата олмаганидек, у зотнинг мазлумларга нусрат беришини ҳам тўхтата олмайди.)
(62) Чунки Аллоҳнинг Ўзигина ҳақдир, Ундан бошқа топинаётганлари эса, ботилдир. Албатта, Аллоҳ юксак ва буюкдир.
(63) Аллоҳ осмондан сув туширганида, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингми?! Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва хабардор зотдир.
(64) Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзигина беҳожат ва мақталган зотдир. (Аллоҳ таоло осмонлару ердаги нарсаларга эга бўлганидан, У зотнинг ҳеч бир нарсага ҳожати йўқ. Шундай ҳам мақталган, ҳамду сано эгаси бўлган зотдир. Ўзидан бошқа ёрдамчига Унинг ҳожати бўлмаганидек, бировнинг мақтовига ҳам ҳожати йўқдир.)