الملك Al-Mulk
(1) Қўлида мулк бўлган У зот улуғ, муқаддас бўлди. У барча нарсага қодирдир.
(2) У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир. (Ўлимни эслаган одам унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади.)
(3) У етти осмонни табақама-табақа яратгандир. Роҳманнинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан. Қайта назар сол! Бирор камчилик кўряпсанми?
(4) Сўнг такрор-такрор назар сол, назар сенга истаганини топа олмай, ҳорғин- чарчаган ҳолда қайтади.
(5) Ва дарҳақиқат Биз яқин осмонни чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва у (чироқ)ларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик. Ва у(шайтон)ларга олови қизиб турган жаҳаннамни тайёрлаб қўйдик. (Араб фолбинлари бизнинг шайтонларимиз осмонга чиқиб, ғойибдаги нарсаларни билиб беради, деб мақтанар эдилар. Қуръони Карим буни рад этиб, бу дунёда шайтонларни юлдузлардан ажраб чиққан учқунлар қувиб ҳайдашини, у дунёда эса, уларга Аллоҳ жаҳаннам азобини тайёрлаб қўйганини таъкидламоқда.)
(6) Ўз Роббиларига куфр келтирганлар учун жаҳаннам азоби бордур ва у қандай ҳам ёмон қайтадиган жой!
(7) Улар жаҳаннамга ташланган чоғларида унинг ҳанграган овозини эшитурлар, у эса қайнаб турган бўладир.
(8) У ғазабдан ёрилиб кетай дейдир. Ҳар қачон унга янги гуруҳ ташланганда унинг хизматкорлари: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?», деб сўрайдир.
(9) Улар: «Ҳа, дарҳақиқат бизга огоҳлантирувчи келган эди. Лекин биз (уни) ёлғончига чиқардик ва: «Аллоҳ ҳеч нарса туширгани йўқ, сизлар катта адашувдан бошқа ҳеч нарса эмассизлар», деган эдик», дерлар.
(10) Ва улар: «Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик», дерлар.
(11) Бас, улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар. Йўқолсин дўзахийлар!
(12) Албатта ўз Роббиларидан ғойибдан қўрқадиганлар учун гуноҳларини кечиш ва улкан ажр-савоблар бордир.