(46) Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз», денглар. (Оятда зулм қилмаган аҳли китоблар билан яхши, гўзал услубда мужодала қилишга амр этилмоқда. Аввало, зулм қилган аҳли китоблар ким эканини ажратиб олайлик. Аҳли китобларнинг зулм қилганлари хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузиб, Аллоҳга ширк келтирган, соф ақидани ўзгартирганлардир. Демак, улар билан яхши услубда мужодала қилишга ўрин йўқ, чунки улар золимлардир.)
(47) Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз уларга китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар. (Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин. Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда содда мусулмонларнинг бошини аввалги оят маъноси билан айлантирмоқдалар. Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ, келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар, деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса, айтилмай қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.)
(48) Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар. (Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир, деб Қуръоннинг илоҳий китоб эканлиги ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.)
(49) Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.
(50) Ва улар: «Унга Роббидан мўжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: »Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса, фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин.
(51) Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмайдими?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.
(52) «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У осмонлару ердаги нарсани билур. Ботилга иймон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар, ана ўшалар ўзлари зиён кўргувчилардир», деб айт.